Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси кўп йиллар мобайнида имом-хатиб сифатида самарали фаолият юритган, Тошкент шаҳридаги "Ракат" жоме масжиди имом-хатиби Раббимқул домла Муҳаммадиевнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдиради.
🕌 Раббимқул домла 1997 йилдан буён имом-хатиб лавозимида фаолият юритиб келган. Бу йиллар давомида Тошкент шаҳридаги “Оқ тунукали”, “Иброҳим ота”, “Имом Термизий” ҳамда “Ракат” жоме масжидларида хизмат олиб бордилар.
🕋 Айни кунларда бу йилги ҳожилар хизматига бел боғлаб, Ҳаж-2025 мавсумида гуруҳ раҳбари сифатида сафарбар этилган эдилар.
🗣Таъкидлаш зарурки, айрим ижтимоий тармоқ юритувчилари домланинг вафотини турлича талқин қилишга уриниши ҳолатлари кузатилмоқда.
⏺ Маълумот ўрнида, 2025 йил 23 май куни Раббимқул домла Муҳаммадиев “Тошкент-Мадина” йўналишида пойтахтнинг 38-гуруҳ зиёратчилари гуруҳ раҳбари сифатида йўлга чиққан эди.
⏺ Шу куни, сафарга чиқишлари билан домла парвоз давомида уйқуга кетган ва шу ҳолатда уйғонмаган. Бемор Мадина халқаро аэропорти шифокорлари томонидан кўрилганда аҳволи ўта оғир, беҳуш, саволларга жавоб бермаган. Шундан сўнг Мадина шаҳридаги "Муовасат" клиникасига жойлаштирилган. Шифокорлар томонидан бош мия қон айланиши ўткир бузилиши, мия ўзаги структуралари ўзгаришлари, бош мия шишиши ташхиси қўйилган.
⏺ Малакали шифокорлар томонидан оғир ҳолатдаги бемор нейрохирург кўригидан сўнг бош мия шишини камайтириш мақсадида 2025 йил 24 май куни операция ўтказилди.
⏺ Шундан кейин ҳам беморнинг аҳволи оғирлигича сақланиб, 2025 йил 26 май куни эрта тонгда вафот этди.
📍Бугун, пешин намозидан кейин Мадинаи Мунавварадаги Масжиду Набавийда жаноза намози ўқилиши ва "Бақиъ" қабристонига дафн этилиши режалаштирилган.
🤲 Аллоҳ таоло марҳум олимни Ўз мағфиратига олсин, иймонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Дин ривожи, халқ маърифати ва Ватан равнақи йўлида қилган барча хизматларини Аллоҳ қабул айласин!
🤲 Ҳақ таоло марҳум олимнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари, сафдошлари, шогирдлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун, дейилади хабарда.