Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар “Фатво соҳасидаги юксак хизматлари учун” халқаро мукофоти билан тақдирланди. Бу ҳақда идора матбуот хизмати хабар берди.
Мукофотни Қоҳира шаҳрида бўлиб ўтаётган халқаро анжуманнинг тантанали очилиш маросимида Миср бош муфтийси, Бутунжаҳон фатво идоралари ва ҳайъатлари бош котибияти раиси, профессор Назир Муҳаммад Айёд, Миср вақф вазири доктор Усома ал-Азҳарий ҳамда Халқаро Ислом фиқҳи академияси бош котиби доктор Қутб Мустафо Сано кабилар тантанали равишда топширди.
Тақдирлаш чоғида турли мамлакатлардан келган 500 нафардан зиёд анжуман иштирокчилари эътиборига Ўзбекистондаги диний-маърифий соҳа ислоҳотлари ҳамда муфтий ҳазратларининг кўп қиррали фаолиятига бағишланган махсус видеоролик намойиш этилди.
“Фатво соҳасидаги юксак хизматлари учун” мукофоти — Бутунжаҳон фатво идоралари ва ҳайъатлари Бош котибияти томонидан таъсис этилган бўлиб, буюк аллома, фақиҳ Имом Шиҳобуддин ал-Қарофий (1228–1285) шарафига номланган. Ушбу мукофот Ислом умматида мўтадиллик тамойилларини илгари суриш, бир ёқлама ва тор қарашлардан сақланиш, жамоавий ижтиҳод ҳамда фатво бериш амалиётини такомиллаштириш ва замонавий муаммоларга тўғри шаръий ечимлар ишлаб чиқишга улкан ҳисса қўшган етук уламоларга тақдим этилади.
Киритилди: 15:15 03.09.2026.
Ўқилди: 998 марта.
Фикрлар сони: 0 та.