Бугун 8 октябрь, 2024 йил, сешанба

O'ZB

Ўзбекистон ҳарбийлари Британиядаги халқаро мусобақада иккинчи ўринни эгаллади

Ўзбекистон ҳарбийлари Британиядаги халқаро мусобақада иккинчи ўринни эгаллади

4−7 октябрь кунлари Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси Уэльсда (Буюк Британия) ўтказилган «Кембрия патрули» халқаро ҳарбий мусобақасида иштирок этди, деб хабар қилмоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Қайд этилишича, мусобақада 30 дан ортиқ мамлакатлардан, жумладан, Буюк Британия, АҚШ, Франция, Ҳиндистон, Германия, Латвия, Қозоғистон, Туркманистон, Италия ва бошқа давлатлардан 100 дан ортиқ жамоа иштирок этган.

Ҳар бир жамоа 70 километрдан ортиқ масофани босиб ўтиб, энг мураккаб табиий ва тактик тўсиқларни енгган. Ҳар 8−10 километрда маршрутнинг турли жойларида иштирокчилар кимёвий ва биологик таҳдид шароитида ҳаракат қилиш, ҳужум операциялари ва мураккаб жойларда йўналишни топиш каби жанговар вазифаларни бажарган.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси ўз гуруҳида 13 та жамоа орасида биринчи ўринни эгаллади. Улар барча босқичларда муваффақиятли тарзда зарарланган ҳудудлардан ўтиб, тактик операциялардаги маҳоратини кўрсатиб, маршрутни биринчилар сафида якунлаган.

Умумий натижаларга кўра, Ўзбекистон жамоаси кумуш медалга сазовор бўлди.

«Британиялик ҳарбий мутахассислар Ўзбекистон ҳарбий хизматчиларининг тайёргарлик даражасини юксак баҳолаб, уларнинг профессионализми ва жанговар вазифаларни бажаришдаги мукаммал кўникмаларини эътироф этдилар», — дейилади хабарда.

Маълумот учун, «Кембрия патрули» 60 йилдан буён мунтазам ўтказиб келинади, мусобақа дунё бўйлаб ҳарбий бўлинмаларни ҳақиқий жанговар шароитларда уларнинг жанговар кўникмалари ва чидамлилигини синовдан ўтказади. Унда иштирокчи бўлинмалар 48 соатдан камроқ вақт ичида 70 км масофани босиб ўтиб, кўплаб ҳарбий манёврлар ва патруллик вазифаларини бажарадилар. Машғулотлар Уэльснинг марказий қисмидаги тоғлар ва ботқоқликлар каби ўтиш қийин бўлган ҳудудларда ўтказилади.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси ўтган йилларда ҳам «Кембрия патрули»да муваффақиятли иштирок этган. 2019 йилда жамоа ушбу мусобақада ғолиб бўлган бўлса, 2020, 2021 ва 2022 йилларда иккинчи ўринни эгаллаган.

Киритилди: Бугун 17:50. Ўқилди: 314 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!