Президент раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда қора металлургия соҳасини ривожлантиришга қаратилган янги йирик лойиҳалар тақдим этилди.
Маълум қилинишича, Бекобод металлургия комбинати ҳудудидаги 90 гектар майдонда тайёр инфратузилмага эга «Ўзбекистон экологик технологиялар саноат парки» ташкил этилади.
Шунингдек, мазкур ҳудудда қора металлургия соҳаси бўйича R&D (илмий-тадқиқот ва ишланмалар) маркази ташкил қилиниб, янги турдаги маҳсулотларни яратиш ва уларни саноатга жорий этиш йўлга қўйилади.
Саноат паркида халқаро стандартлар бўйича сертификатлар берадиган замонавий лаборатория ҳам иш бошлайди.
Жорий йилнинг ўзидаёқ хусусий инвесторлар иштирокида катта диаметрли қувурлар, кўтарма кранлар, фильтрлаш ускуналари ва бошқа юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
Бундан ташқари, Самарқанд, Жиззах, Наманган ва Сирдарё вилоятларидаги йирик металлургия корхоналари атрофида умумий қиймати 100 миллион долларлик кооперация лойиҳалари дастури ишлаб чиқилади.
Қайд этилишича, мазкур ташаббуслар ҳудудларда қўшилган қиймат занжирини кенгайтириш, хусусий сектор фаоллигини ошириш ҳамда янги турдаги металл маҳсулотларини маҳаллийлаштиришга хизмат қилади.