“Афғонистон озодлик фронти” мамлакат шимоли-шарқидаги Бадахшон вилоятида “Толибон” позицияларига тунда қилинган ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. “Толибон” эса тўқнашувда беш нафар ҳужумчи ўлдирилганини маълум қилди.
Аmu TV телеканали манбаларига кўра, тўқнашув Зебок туманида бошланган ва бир неча соат давом этган.
“Афғонистон озодлик фронти”нинг сиёсий масалалар бўйича раҳбари Довуд Нажий Х саҳифасида эълон қилган постида ҳал қилувчи жанглар янги босқичга ўтганини билдирди.
“Толибон”нинг 219-Омари Салис дивизияси ўз баёнотида жанг бўлиб ўтганини тасдиқлади ва чегара кучлари беш нафар ҳужумчини ўлдирганини билдирди. Баёнотда айтилишича, қуролли шахслар “Толибон” кучлари билан тўқнашувдан олдин Покистоннинг Читрал ҳудудидан Зебок туманига кириб келган.
Ушбу тўқнашувлар сўнгги ҳафталарда қуролли мухолифат фаоллиги ошган Бадахшон вилоятида “Толибон” кучларига қилинган навбатдаги ҳужум бўлди. Ўтган ҳафтада “Сепаҳиани Миҳан” гуруҳи вилоят маркази яқинидаги Яфтали Пайин туманида бир қанча давлат идораларини қисқа муддатга эгаллаб олганди. Улар бир неча соатдан кейин ҳудуддан чекинган.