Бугун, 3 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида «Ўзбекгидроэнерго» АЖ: соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилган натижалар ва гидроэнергетика соҳасини ривожлантириш истиқболлари» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Жамият раҳбарияти, ижро аппаратининг масъул ходимлари, соҳа мутахассислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этиб, гидроэнергетика тармоғидаги ўзгаришлар, амалга оширилаётган лойиҳалар ва келгуси режалар юзасидан атрофлича маълумотларга эга бўлдилар.
Матбуот анжуманида тақдим этилган маълумотларга кўра, 2026 йилнинг январь–сентябрь ойлари Жамият фаолиятида салмоқли ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ва муҳим тарихий натижалар билан аҳамиятли бўлди. Ҳисобот даврида 6 642,7 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, тўққиз ойлик режа Жамият тарихида биринчи марта 120 фоизга бажарилди, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 124 фоизни ташкил этди.
Ишлаб чиқарилган электр энергиясининг қиймати 3 трлн сўмга етди. Энг муҳими, Жамият тарихида илк бор кунлик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 50 млн кВт·соатлик маррадан оширилди. Бу натижа мавжуд гидроэнергетика объектларининг ишлаб чиқариш имкониятларидан самарали фойдаланиш ва иш жараёнларини мақбул ташкил этиш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодасидир.