Жорий йилдан бошлаб томорқадан фойдаланиш бўйича янги тизим ишламоқда. Масалан, Асака тумани Оташ маҳалласидаги 810 та хонадондан 805 тасида иссиқхона бор, уларда йилига 3 марта ҳосил олинаяпти. Худди шундай, Обод маҳалласидаги 922 та хонадон эгалари иссиқхоналардан самарали фойдаланяпти.
Вилоятдаги қолган 907 та маҳаллада ҳам бу тажрибадан унумли фойдаланиш муҳимлиги қайд этилди. Мутасаддиларга Асакадаги маҳаллаларга арзон уруғ ва минерал ўғит етказиб бериш тизимини бутун республикада жорий қилиш топширилди. Бу тизим орқали уруғ ва ўғит 15 фоизгача арзон сотилмоқда.
Ўтган йилда Андижонда камбағаллик 11,9 фоиздан 9,5 фоизга тушгани билан республикада 9-ўринда турибди.
Балиқчи ва Олтинкўлда 5 гектардан иссиқхона ташкил қилиниб, 100 та эҳтиёжманд оила даромадли қилинди. Иссиқхона камбағал оилаларга 10 сотихдан икки йилга ижарага берилган. Йилига 3 марта ҳосил олиш ҳисобига ҳар бир оила 150-200 миллион сўмдан даромад топади. Тадбиркор кўчат, уруғ, ўғит ва ёқилғини етказиб бериб, ҳосилни ўзи сотиб олади.
Бу ишлар камбағаллик юқори Улуғнор, Пахтаобод, Хўжаобод, Марҳамат ва Андижон туманларида ҳам йўлга қўйилиши белгиланди. Бундай замонавий иссиқхоналарни намунавий ташкил қилган маҳалла раисларига 100 фоиз устама берилади.