Қирғизистон фавқулодда вазиятлар вазири Канатбек Чинибаевга Ала-Арчада 14 ёшли ўсмирнинг ҳалок бўлиши ҳолатлари юзасидан ўтказилган текширув натижаларига кўра, қаттиқ ҳайфсан эълон қилинди.
Қирғизистон оммавий ахборот воситалари хабар беришича, ҳайфсан мамлакат президенти Садир Жапаров томонидан Чинибаевнинг ўз вазифаларини лозим даражада бажармагани сабабли берилган.
Бундан ташқари, фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Алмазбек Асанов, ФВВнинг Инқирозли вазиятларни бошқариш маркази раҳбари Азиз Эгембердиев ҳамда Қутқарувчиларни тайёрлаш давлат маркази бошлиғи Тинарбек Мурашов эгаллаб турган лавозимларидан озод этилган.
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси хабар беришича, текширув тезкор ҳаракатларни ташкил этиш, қутқарув бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш ва идоравий назоратда жиддий камчиликларни аниқлаган.
«Жумладан, ҳодиса ҳақидаги маълумотларни ФВВнинг тегишли бўлинмалари раҳбариятига ўз вақтида етказмаслик, навбатчи хизматлар ва қутқарув гуруҳлари ўртасидаги ҳамкорликнинг етарли даражада эмаслиги, шунингдек, қидирув-қутқарув тадбирларини ташкил этиш ва мувофиқлаштиришда камчиликларга йўл қўйилгани аниқланди», — дейилади хабарда.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигига аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўриш топширилди. Идора тезкор ҳаракатланиш тизимини такомиллаштириши, қутқарув бўлинмалари ўртасидаги ҳамкорлик самарадорлигини ошириши, тоғли ҳудудларда барқарор алоқани таъминлаши, шунингдек, инсон ҳаётига хавф туғилганда қўшимча куч ва воситаларни ўз вақтида жалб этиши лозим.
Қайд этиш жоизки, 7 ноябрь куни 14 ёшли Амир Кунакунов Ала-Арчада бедарак йўқолган. Ўсмир югуриш мусобақасида иштирок этишни режалаштирган, бироқ ёши сабабли унга мусобақада қатнашишга рухсат берилмаган. Шундан сўнг у мустақил равишда Адигине томон йўл олган.
Кечқурун бола ФВВга қўнғироқ қилиб, адашиб қолганини маълум қилган. 9 ноябрь куни унинг жасади Электро чўққиси ҳудудидан топилган. Дастлабки тахминларга кўра, ўлимга совуқ қотиш сабаб бўлган.