АҚШ давлат котиби Марко Рубио Афинадаги Акрополь фонида нутқ сўзлаб, Европани Ғарбнинг таназзулига йўл қўймасликка чақирди.
Рубио Европа ва АҚШ ўзининг иқтисодий, технологик ҳамда ҳарбий салоҳиятини сақлаб қолсагина дунёдаги етакчи мавқеини асраб қолиши мумкинлигини таъкидлади.
«Бугун биз чорраҳада турибмиз», — деди у. Унинг сўзларига кўра, Ғарб ҳозир ҳаракат қилмаса, келажакда таназзул ва қарамликка дуч келиши мумкин.
АҚШ давлат котиби миллий қадриятлар ва тарихга муносабат масаласига ҳам тўхталди. У Ғарб давлатлари ўз ёдгорликларини олиб ташлагани, тарихидан уялишига сабаб бўлган қарашларни тарқатгани, шу билан бирга саноатини хорижга кўчириб, ҳарбий салоҳиятини сусайтирганини танқид қилди.
Рубионинг фикрича, Ғарбда юзага келган бўшлиқдан рақобатчи давлатлар фойдаланган. Шу боис у Европа давлатларини аввалги авлодларга хос янгиликка интилиш ва таваккал қилиш руҳини қайта тиклашга чақирди.
«Биз Европанинг узоқ давом этган “Уйқудаги гўзал” уйқусидан уйғониб, минг йиллар аввал шу ерда ёқилган оловни яна алангалатиши мумкинлигига ишонамиз», — деди Рубио.
У Европа давлатларининг мудофаа харажатларини ошираётганини бу жараённинг дастлабки белгиларидан бири сифатида қайд этди.
Кузатувчилар Рубионинг нутқини Трамп маъмуриятининг Европа давлатларини Хитой ва бошқа рақобатчилар билан глобал рақобатда янада фаолроқ ҳаракат қилишга ундаётган навбатдаги чақириқларидан бири сифатида баҳоламоқда.