Украинанинг октябр ойи охиридан бери давом этаётган дрон ҳужумлари Россиянинг нефтни қайта ишлаш қувватини тахминан 30 фоизга қисқартирди. Бу ҳақда соҳа манбаларига таяниб Reuters хабар берди.
Киев ва Москва ўртасида энергетика объектларига ҳужумларни тўхтатиш бўйича Трамп эълон қилган сулҳ кучга кирмади. Шундан сўнг, октябр охиридан бериб Украина Россия заводларига зарбаларни кучайтирди. Нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужумлар ортидан Россиянинг бир қатор ҳудудлари, жумладан Москвада ёнилғи танқислигини янада кучаймоқда.
Октябр ойи охиридан бери дрон ҳужумларига учраган заводларнинг кунлик қувват жами 300 минг тоннани (2,2 миллион баррел) ташкил этади. Улар орасида Россия марказидаги учта йирик корхона ҳам бор. Таққослаш учун, Россиянинг умумий бошланғич қайта ишлаш қуввати кунига тахминан 930 минг тоннани ташкил қилади.
Октябр охирида Россия заводлари кунига тахминан 700 минг тонна (5 миллион баррел) хом нефтни қайта ишлаётган эди. Манбаларнинг ҳисоб-китобларига кўра, амалда нефтни қайта ишлаш ҳажми кунига 200 минг тоннагача камайган бўлиши мумкин. Ҳужумга учраган корхоналар орасида Рязан, Ярославл ва Волга бўйидаги заводлар бор.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украина Трампнинг Россия энергетика объектларига зарбаларни тўхтатиш ҳақидаги чақириқларига эътибор бермаётганини айтди.
Украина президенти Володимир Зеленский эса ўтган ҳафтада Россиянинг Украинадаги энергетика ва инфратузилма объектларига берган зарбаларига жавобан нефт соҳасидаги нишонларга ҳужумларни давом эттираётганини билдирди.