Россия 14 ноябрга ўтар кечаси Украина ҳудудига 96 та зарбдор учувчисиз учиш аппарати билан ҳужум қилди. Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари маълумотига кўра, уларнинг 81 таси уриб туширилган ёки радиоэлектрон воситалар ёрдамида зарарсизлантирилган.
Саккизта ҳудудда дронлар нишонларга теккани, яна иккита жойда эса уларнинг парчалари қулагани қайд этилган.
"Озодлик радиоси"нинг таъкидлашича, ушбу рақамлар ноябрь ойининг биринчи ҳафтасига нисбатан Россиянинг Украинага тунги ҳаво ҳужумлари шиддати пасайганини кўрсатмоқда. Ўша даврда Россия армияси бундай ҳужумларда ҳар куни 100 тадан ёки 200 тадан ортиқ дрондан фойдаланган.
14 ноябрга ўтар кечаси Россия ҳужумларининг нишонларидан бири яна Украина энергетика объектлари бўлди.
"Укрэнерго" компанияси Суми вилоятида электр энергиясининг кенг кўламли авариявий узилиши ҳақида хабар берди.
Глухов шаҳрида Россия зарбаси оқибатида бир аёл ва унинг 9 ёшли набираси жароҳатланди.
Чернигов вилоятида ҳам энергетика инфратузилмаси ҳужумга учради. Бу ерда бир эркак жароҳат олган.
14 ноябрь куни эрталаб Киев вилоятида Россия дронлари ҳужумидан кейин омборхоналарда ёнғин чиққанлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Жабрланганлар ҳақида маълумот берилмади.
Киев шаҳрининг икки жойида учувчисиз учиш аппаратлари парчалари қулаган. Жабрланганлар қайд этилмаган.
Шу билан бирга, Россия нашрлари Белгород вилоятининг Валуйки шаҳрида дронлар сақланадиган омборга ракета зарбаси берилгани ҳақида хабар тарқатди. Турар жой биноларига ҳам зарар етган.
Белгород вилоятидаги Пролетарский посёлкасида эса дроннинг хусусий уйга зарба бериши оқибатида уч киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда вилоят маъмуриятининг тезкор штаби маълум қилди.
Россия ҳудудига Украина томонидан уюштирилаётган ҳужумлар шиддати ҳам пасайгани қайд этилмоқда.
Россия Мудофаа вазирлиги 29 та Украина дрони уриб туширилганини маълум қилди. Бир кун аввал Россия ҳарбийлари бир кечанинг ўзида 1198 та учувчисиз учиш аппарати уриб туширилганини билдирган эди.
7 ноябрь куни эса Россия Мудофаа вазирлиги 411 та дрон тутиб қолингани ҳақида хабар берган.
Шунингдек, бу кеча Украина томонидан Россия нефтьни қайта ишлаш заводларига зарба берилгани ҳақида хабарлар келиб тушмади.
13 ноябрь, жума куни Украина дронлари Волгограддаги нефтьни қайта ишлаш заводига ҳужум қилган эди.
11 ноябрда эса Омскдаги нефтьни қайта ишлаш заводи ва Россия нефть экспортини амалга оширадиган Усть-Луга порти Украина дронлари ҳужумига учрагани хабар қилинган.