Украина ва АҚШ фойдали қазилмалар бўйича битимда илгари кўрсатилган ёрдамни ҳисобга олмасликка келишиб олди.
Бу ҳақда Украина бош вазири Денис Шмигал маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бундай келишувга Вашингтонда АҚШ Молия вазири Скотт Бесцент билан ўтказилган музокаралар давомида эришилган.
"Энг муҳими – биз ўзимиз учун муҳим бўлган “қизил чизиқлар”ни аниқ белгиладик: битим Евроиттифоқ талабларига жавоб бериши, Украина Конституцияси ва қонунчилигига зид бўлмаслиги зарур. Битим матнида у имзоланишидан аввал Қўшма Штатлар томонидан кўрсатилган ёрдам ҳисобга олинмаслиги тўғрисуда келишувга эришилди", – дея аниқлик киритди Шмигал.
Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп Вашингтон Киевга кўрсатган ҳарбий ва бошқа кўринишдаги ёрдам учун компенсация олиши кераклигини айтган, у келтирган рақамларни эса Киев "ҳаддан ташқари ошириб юборилган" деб атаган эди. Украина томони ёрдам бепул асосда кўрсатилганини ва у қарз сифатида кўрилмаслиги кераклигини таъкидлаганди.