Украина учун хавфсизлик кафолатларини Россия иштирокисиз ишлаб чиқиш мумкин эмас. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
У Германия канцлери Фридрих Мерцнинг бундай кафолатлар Украина ва унинг ҳамкорлари томонидан, Россия иштирокисиз белгиланиши кераклиги ҳақидаги баёнотига изоҳ берди.
"Россия иштирокисиз хавфсизлик кафолатларини шакллантириш мумкин эмас. Агар европаликлар ҳақиқатан ҳам шу позицияда туриб, уни қатъий талаб қилса, бу Европа давлатларининг можарони ҳал қилиш жараёнида иштирок этиш имкониятини бутунлай йўққа чиқаради", — деди Песков.
Кремль вакили Европанинг бундай ёндашувини "боши берк кўчага олиб борувчи позиция" деб баҳолади.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам Европа давлатларини Украина масаласида Россия ва АҚШ ўртасида эришилган келишувларни барбод қилишга уринишда айблади.
"Европаликлар Россия ва АҚШ ўртасида мавжуд келишувларни бузишга қаратилган навбатдаги ўйинларни бошламоқда", — деди у Чад ташқи ишлар вазири Абдулайе Сабре Фадул билан музокаралар якунидаги журналистлар билан учрашувда.
Лавровнинг сўзларига кўра, Владимир Путин келишувлар бажарилмаган тақдирда Россия 2024 йил июнида белгиланган мақсадларга қандай эришишни билишини бир неча бор таъкидлаган.