Эрон давлат телеканали АҚШ президентининг 20 ёшли ўғли Баррон Трамп ҳақида уч дақиқалик лавҳа эфирга узатди. Унда Барронни ўлдириш учун 10 миллион доллар мукофот ваъда қилинади.
Сунъий интеллект ёрдамида тайёрланган видеода АҚШ президенти ўғлининг тез-тез бўладиган жойлари ва тахминий манзиллари кўрсатилган. Телеканал сюжетида унинг Вашингтондаги университетга бориш маршрути ҳам тасвирланган.
Роликда билдирилишича, АҚШ махсус хизмати агентлари Барронни тун-у кун қўриқлайди ва ўзларини унинг университетидаги талабалар деб кўрсатади. Шу билан бирга, лавҳанинг катта қисми сунъий интеллект ёрдамида яратилган саҳналаштирилган тасвирларга асосланган.
Сюжетда Баррон Трампга нисбатан суиқасд тайёрланаётгани ҳақида ҳеч қандай ишончли далил берилмади. Бу ролик ҳақида хабар берган Исроил оммавий ахборот воситаларининг қайд этишича, ундаги даъволар ҳақиқий хавф борлигини тасдиқламайди.
Бу Эрон давлат оммавий ахборот воситаларининг Трамп оиласи аъзоларига биринчи марта таҳдид қилиши эмас. Бундан аввал АҚШ биринчи хоними Мелания Трампга бағишланган шундай ролик эълон қилинган ва унда у тез-тез ташриф буюрадиган жойлар ҳақида маълумот берилган эди.