Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский Тhe Washington Post газетасига берган интервюсида АҚШ ва Европани украиналик ҳарбийларга узоқ масофага учувчи ракеталар беришга ва улардан Россияга қарши фойдаланишга рухсат беришга чақирди.
"Россияликлар Украинадаги деярли барча объектларни – аэродромлар, аҳоли пунктлари, инфратузилма объектларини нишонга олмоқда. Душманга муносиб зарба бериш имкониятига эга бўлиш учун бизга баллистик ракеталар етказиб берилиши керак. Ҳар қандай ракета қуролининг мавжудлиги ўз-ўзидан чекловчи омил ҳисобланади. Умид қиламанки, президент Трампнинг позисияси туфайли бу жараён анча осонлашади ва бизда аввалгидек қийинчиликлар бўлмайди", – деди Сирский.
Қўмондоннинг сўзларига кўра, агар Киев ўрта ва узоқ масофали ракеталарнинг катта миқдорини, жумладан, Қўшма Штатларнинг ATACMS ва Германиянинг Taurus'ларини олса, Украина Қуролли кучлари Россиянинг ракета ва дрон ишлаб чиқарувчи корхоналарига ҳужум қилиш орқали рус мудофаа саноатини заифлаштириши мумкин.
"Бизда юқори мотивацияли ва жасур аскарлар бор, улар олдинга бора олади, аммо уларга замонавий ва ишончли ҳимоя воситалари, қуроллар ва ҳарбий техникалар зарур", – деди Сирский.