Украина энергетика вазири Герман Галушченко Киевнинг Россия билан қўшимча келишувлар тузиш ёки газ транзити бўйича келишувни узайтириш нияти йўқлигини тасдиқлади. Бу ҳақда у 17 март, якшанба куни миллий телемарафон эфирида маълум қилди. Ушбу шартнома 2024 йил 31 декабргача амал қилади, деди вазир.
Галушченко, шунингдек, Украина газ транспорти тизими, жумладан, ерости газ омборлари тизими ўтган йили «стресс-тест»дан ўтганини ва Украинага ҳужум қилган мамлакатдан газ транзитисиз ишлашга тайёрлигини таъкидлади. Энергетика вазири Россиянинг «Газпром» компанияси билан шартномаларни четлаб ўтиб, Россиядан газ ташишни давом эттириш мумкинми ёки йўқми, буни тушунтирмади, бироқ Европа Иттифоқи давлатлари рус газидан тезда воз кечиш бўйича муваффақиятли тажрибага эга эканлигини таъкидлади.
«Европа Иттифоқининг RepowerEU ташаббуси бор, у 2027 йилга бориб Европа давлатлари Россия газидан, нафақат қувурдагидан, балки барча газдан, жумладан, СТГдан бутунлай халос бўлишини назарда тутади», — деди Галушченко. Бу билан у, шунингдек, Европанинг энергия бўйича комиссари Кадри Симсоннинг Европа Иттифоқи Россия билан транзит шартномасини узайтиришдан манфаатдор эмаслиги ҳақидаги баёнотини эслатди.
Энергетика вазирлиги раҳбари бугунги кунда бозорда Россия газига нисбатан етарлича муқобиллар мавжудлигини ва бир қатор Европа давлатлари аллақачон бу йўлни босиб ўтганини таъкидлади.