Туркияда давом этаётган ўрмон ёнғинларида 500 дан ортиқ киши жабрланди, икки киши ҳалок бўлди.
Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазири Кемал Мемисоғлу Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.
"Айни пайтда ўрмон ёнғинлари оқибатида 538 киши жабрланган. Айни пайтда ёнғинда жароҳатланган 3 нафар беморга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, улардан бирининг аҳволи оғир. Икки нафар фуқаромиз ҳалок бўлди", — дейилади вазир матбуот хизмати хабарида.
Анталиянинг Эрменек туманида чоршанба куни ўрмон ёнғини содир бўлди. Шу билан бирга, ўрмон ёнғинлари Измир вилояти ва яна бир қанча ҳудудларни қамраб олган. Кенг кўламли ўрмон ёнғинлари сабабли Туркиянинг уч вилоятида 50 мингдан ортиқ фуқаро эвакуация қилинди.