Бугун 16 ноябрь, 2026 йил, душанба

O'ZB

Туркия ва Қозоғистон тиббиёт соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга оширади

Туркия ва Қозоғистон тиббиёт соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга оширади

Туркия ва Қозоғистон соғлиқни сақлаш соҳасида 2027–2028-йилларга мўлжалланган ҳамкорлик режасини тасдиқлади. Икки йиллик дастур фармацевтика, тиббий инфратузилма, соғлиқни сақлашни рақамлаштириш ва мутахассислар тайёрлаш каби йўналишларни қамраб олади.

Келишув Туркия ва Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлари Камол Мемишўғлу ҳамда Акмарал Алназарова томонидан Анталияда ўтказилаётган COP31 доирасида имзоланди.

Ҳамкорлик доирасида тиббиёт муассасаларини қуриш ва модернизация қилиш, фармацевтика саноатини ривожлантириш, тиббиёт фанини қўллаб-қувватлаш, кадрлар тайёрлаш ҳамда бирламчи тиббий-санитария ёрдамини такомиллаштириш режалаштирилган.

Айни пайтда Туркия компаниялари Қозоғистонда тиббий инфратузилмани ривожлантириш лойиҳаларида иштирок этмоқда. Хусусан, Rönesans Holding Кўкшетау шаҳрида кўп тармоқли шифохона қурмоқда, YDA Group эса Туркистон ва Петропавловск шаҳарларида тиббиёт муассасаларини барпо этмоқда.

Шунингдек, Қозоғистоннинг Туркиянинг Abdi İbrahim ва Nobel İlaç фармацевтика компаниялари билан ҳамкорлиги ҳам ривожланмоқда.

Томонлар тиббиёт соҳасини рақамлаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Қозоғистон Туркиянинг шифохоналарни бошқариш тажрибасини, жумладан, e-Nabız платформаси, тиббий жараёнларни автоматлаштириш ва беморлар оқимини бошқариш тизимини ўрганишдан манфаатдор.

Бундан ташқари, Туркия соғлиқни сақлаш институтлари (TÜSEB) иштирокида қўшма илмий тадқиқотлар, амалиёт дастурлари ва мутахассислар алмашинувини йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Томонлар Қозоғистонда туркиялик етакчи шифокорлар иштирокида Туркия тиббиёти кунларини ташкил этишни ҳам таклиф қилди. Тадбир доирасида мутахассислар маҳорат дарслари ўтказиши ва кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, реабилитация ҳамда шошилинч тиббий ёрдам йўналишларида беморларга маслаҳат бериши режалаштирилган.

Киритилди: 07:46 13.11.2026. Ўқилди: 511 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар