Бугун 2 июль, 2022 йил, шанба

O'ZB

Туркия Тожикистондаги воқеалардан хавотирда

Туркия Тожикистондаги воқеалардан хавотирда

Туркия Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидаги воқеалар ривожини хавотир билан кузатмоқда. Бу ҳақда 21 май куни Туркия Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Ташқи ишлар вазирлиги Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидаги воқеалар қурбонлар ва одамлар, жумладан, хавфсизлик кучлари ходимларининг жароҳатланишига олиб келганини эслатди.

“Туркия Тожикистонда жамоат тартиби ва барқарорлик тезроқ тикланишига умид қилмоқда”, дейилади хабарда.

Туркия ТИВ ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамда бутун Тожикистон халқига ҳамдардлик билдирди, жабрланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилади.

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг март ойи ўрталарида Тоғли Бадахшон маъмурий маркази Хоруғ шаҳри аҳолиси вилоят раҳбари Алишер Мирзонаботнинг истеъфога чиқишини талаб қилганидан сўнг, минтақадаги вазият кескинлашган. Вилоят раҳбари истеъфога чиқмаган тақдирда, бадахшонликлар норозилик намойишларини бошлашга ваъда беришди. Расмийлар талабларни ноқонуний деб эълон қилди ва намойишларда иштирок этиш террорчилик ҳаракати сифатида баҳоланишини айтган.

16 май куни намойишчилар Хоруғ марказидаги вилоят ҳокимлигига борди, бироқ хавфсизлик кучлари уларнинг йўлини тўсиб қўйганди. Улар намойишчиларга қарши резина ўқ ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган. Ижтимоий тармоқларда ҳарбий қуроллар ҳам қўлланилгани, оқибатда бир киши ҳалок бўлгани, бир неча киши яралангани ҳақида хабарлар тарқалганди.

18 май куни Тоғли Бадахшоннинг Рушон туманида 200 га яқин одам Душанбе-Хоруғ автомобиль йўлини тўсиб қўйган, “аксилтеррор операцияси” бошланган.

Киритилди: 23:27 21.05.2022. Ўқилди: 3191 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!