Бугун 15 сентябрь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Трамп оралиқ сайловлар яқинлашаётганда Республикачиларнинг “исломофобик риторика” тўлқинига бошчилик қилмоқда — The Guardian

Трамп оралиқ сайловлар яқинлашаётганда Республикачиларнинг “исломофобик риторика” тўлқинига бошчилик қилмоқда — The Guardian

Қўшма Штатларда ноябр ойида бўлиб ўтадиган Конгресс учун оралиқ сайловлар яқинлашар экан, айниқса Республикачилар партияси вакиллари томонидан мусулмон сиёсатчиларга қарши исломофобик баёнотлар кучаймоқда.

Қайд этилишича, бу жараён Мичиган штатидан Сенат учун сайловда Демократлар партияcи аъзоси Абдул Ал-Сайид ғалаба қозонганидан кейин янада авж олган. Хусусан, Республикачи сенатор Томми Тубервилл Вашингтонга “террористни” юборишга овоз берилганини айтган ва Ал-Сайидни “радикал исломчи” деб атаган.

Ҳаттоки, АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам Ал-Сайидни “жиҳодчи” деб атаган ва “жиҳодчилар” мамлакат бўйлаб давлат лавозимларига сайланаётганини айтган. Висе-президент Жей Ди Венс эса уни “жуда-жуда ёвуз инсон” деб атаган.

Республикачи сенатор Тед Круз Ал-Сайид ва Мамданини “исломчилар” деб атаб, улар шариат қонунларини исташини айтган. Конгресс аъзоси Ненси Мейс эса Қўшма Штатларда давлат лавозимидаги ҳар бир мусулмонни миллий хавфсизлик ва мамлакат учун таҳдид деб атаган. Флорида штатидан республикачи конгрессмен Ренди Файн “кўпроқ исломофобия керак” деган бўлса, Теннесси вакили Энди Оглс “мусулмонлар Америка жамиятига тегишли эмас” деб ёзган.

Экспертлар буни 2001 йил 11 сентябр терактларидан кейинги даврдан буён Қўшма Штатларда сайловлар олдидан кузатилган мусулмонларга қарши энг кучли тўлқин сифатида баҳоламоқда. АҚШда мусулмонларга қарши кайфиятни ўрганувчи Institute for Social Policy and Understanding (ISPU) тадқиқотчиси Саҳер Селод 2025–2026 йиллардаги исломофобик кайфиятдаги ҳужумлар 11 сентябрдан кейинги даврдагидан ҳам кучли эканини айтган.

ISPU маълумотларига кўра, мусулмонларга қарши стереотиплар асосида тузиладиган Исломофобия индекси 2022 йилдаги 25 баллдан 2025 йилда 33 баллга кўтарилган. Pew Research Center сўровига кўра эса, ҳозирда Қўшма Штатларда катта ёшдагиларнинг 51 фоизи “ислом бошқа динларга қараганда зўравонликни рағбатлантириши эҳтимоли юқори” деб ҳисоблайди.

"Айни пайтда мусулмон америкаликларнинг сиёсий ютуқлари ҳам кучаймоқда. Ҳозир АҚШ Конгрессида 4 нафар мусулмон конгрессмен бор, яна бир номзод сайланиши кутилмоқда. Ғазала Ҳошимий Виржиния штати тарихида конгрессмен этиб сайланган биринчи мусулмон аёл бўлди, Зоҳран Мамдани эса 2025 йил январда Нью-Йоркнинг биринчи мусулмон мерига айланди", деб ёзади The Guardian.

Киритилди: 19:08 13.09.2026. Ўқилди: 964 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!