Бугун 22 май, 2026 йил, жума

O'ZB

“Туркий реставрация ва консервация лабораториялари тармоғи — тажриба алмашиш дастури” бошланди: Туркий дунё мутахассислари Анқарада учрашди

“Туркий реставрация ва консервация лабораториялари тармоғи — тажриба алмашиш дастури” бошланди: Туркий дунё мутахассислари Анқарада учрашди

2026 йил 9 февраль куни Анқара шаҳрида Туркий маданият ва мерос жамғармаси ташаббуси билан Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги мезбонлигида ҳамда Туркия Ҳамкорлик ва Мувофиқлаштириш Агентлиги (TİKA) ва Туркий дунё жамғармаси кўмагида “Туркий реставрация ва консервация лабораториялари тармоғи” номли халқаро тажриба алмашиш дастури ишга туширилди.

9–13 февраль кунлари бўлиб ўтадиган дастур Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Ўзбекистон, Венгрия ва Туркманистондан реставрация ва консервация соҳасидаги мутахассисларни бирлаштирди. Дастурнинг биринчи куни Анқара Минтақавий Реставрация ва Консервация Лабораториясида ўтказилган сессиялар билан бошланди. Улар иштирокчи мамлакатлар ўртасида профессионал ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилди. Тадбирлар Анқара ва Истанбул шаҳарларида давом этади.

Туркий мерос посбонлари бир том остида

Очилиш маросимида Туркий Маданият ва Мерос Жамғармаси лойиҳа менежери Нури Аксу дастур туркий маданий меросни асрашда стратегик аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, уни амалга оширишда иштирок этган барча ҳамкор ташкилотларга миннатдорлик билдирди. Шундан сўнг Туркия Республикаси Маданият ва Туризм вазирлиги Музейлар бошқармаси раҳбари Серкан Гедүк ҳамда Анқара Минтақавий Реставрация ва Консервация Лабораторияси директори Женгиз Өздуйғулу сўзга чиқиб, Туркиянинг ушбу соҳадаги институционал ва илмий тажрибасининг аҳамиятини алоҳида қайд этдилар. Очилиш маросими Туркий Дунё Реставрация ва Консервация Тармоғи координатори ҳамда “Ostrov Krym” лабораторияси директори Элина Алтинбекованинг нутқи билан якунланди.

Ўн бир минтақавий лаборатория ва қарийб ярим асрлик тажриба

Женгиз Ўздуйғулу кейинчалик Туркияда 1980-йиллардан бугунги кунгача реставрация ва консервация лабораторияларининг ривожланишига бағишланган батафсил тақдимот ўтказди. Тақдимотда қуйидаги масалалар ёритилди:
• Институционал тузилма: Туркия Республикаси Маданият ва Туризм вазирлиги тасарруфида фаолият юритаётган ўн бир минтақавий лабораториянинг ташкилий тизими ва ҳудудлар билан мувофиқлаштириш механизмлари;
• Мутахассислик йўналишлари: Қоғоз, тўқимачилик, ёғоч, керамика, тош ва металл каби турли материаллар бўйича аналитик лабораторияларда олиб борилаётган илмий тадқиқотлар;
• Амалий дала ишлари: Музейлар ва археологик ёдгорликларда амалга оширилаётган ишлар, экспонатларнинг реставрациядан олдинги ва кейинги ҳолатини акс эттирувчи визуал материаллар асосида.

Етти мамлакат, ягона мақсад

Беш кунлик дастур доирасида иштирокчи мамлакатлар мутахассислари қуйидаги йўналишларни муҳокама қиладилар:
• илмий ёндашувларга асосланган консервация усуллари;
• профилактик (олдини олувчи) консервация масалалари;
• хатарларни бошқариш ҳамда техник салоҳиятни ошириш йўллари.

Анқарадаги тадбирлардан сўнг дастур Истанбул шаҳрида лабораторияларга ташриф ва техник брифинглар билан давом этади ҳамда 13 февраль куни Ümraniye туманидаги Hekimbaşı Ov Pavilonида Туркий Дунё Жамғармаси томонидан ташкил этиладиган ишчи семинар билан якунланади.

Лойиҳанинг асосий мақсади — туркий меросни реставрация ва консервация қилиш соҳасида мутахассисларнинг барқарор тармоғини шакллантириш ҳамда ушбу йўналишда халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан иборат.

Киритилди: 12:53 12.02.2026. Ўқилди: 829 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!