Бугун 23 август, 2026 йил, якшанба

O'ZB

Эронлик хакерлар Британиядаги электр станцияси ишини тўрт кунга тўхтатиб қўйди

Эронлик хакерлар Британиядаги электр станцияси ишини тўрт кунга тўхтатиб қўйди

Эронга алоқадор хакерлар Буюк Британиядаги кичик энергетика объекти фаолиятини тўрт кунга тўхтатиб қўйган. Бу ҳақда The Telegraph манбаларига таяниб хабар берди. Нашр воқеани мамлакат энергетика соҳасидаги бундай турдаги илк муваффақиятли киберҳужумлардан бири сифатида баҳоламоқда.

Маълумотларга кўра, киберҳужум июль ойида содир бўлган. У АҚШнинг 12 штатида сув инфратузилмасига қаратилган қатор киберҳужумлар билан бир вақтга тўғри келган.

Британия расмийлари хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳужумга учраган объект номини ошкор қилмаган. Ҳукумат вакиллари уни катта электр станцияси эмас, балки кичик қувватли энергия ишлаб чиқарувчи объект сифатида таърифлаган. Мутахассисларга унинг фаолиятини тиклаш учун тўрт кун керак бўлган.

Ҳодиса мамлакат электр таъминоти ва миллий энергетика тизимининг умумий барқарорлигига таъсир кўрсатмаган. Ҳужум қилинган объектнинг қуввати Британия умумий энергетика тизими кўламига нисбатан жуда кичик бўлган.

Буюк Британия Миллий киберхавфсизлик маркази (NCSC) воқеа ҳақида хабардор қилинган. Ҳодисадан кейин энергетика компаниялари раҳбарлари билан шошилинч муҳокамалар ўтказилиб, соҳа вакилларига инфратузилмани кибертаҳдидлардан ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш бўйича тавсиялар берилган.

Киритилди: Бугун 12:10. Ўқилди: 408 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!