Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аккулов матбуот анжуманида туризм инфратузилмаси бўйича янги ташкилот ишга тушишини маълум қилди.
“Эндиликда ҳар бир ҳудудда “жозибадор манзил – лойиҳа – инфратузилма – тадбиркор – тарғибот – сайёҳ” занжири асосида тизимли ишлаш йўлга қўйилади. Бу орқали 34 та йирик туризм объекти бўйича мастер режалар ишлаб чиқилиб, 31 та туризм объекти ташкил этилади ва ривожлантирилади. Мисол учун, Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида “Қипчоқ балиқчилар овули” маскани лойиҳа бошқаруви асосида ривожлантирилади”, – деди Туризм қўмитаси раиси А. Аққулов.
Маълум қилинишича, туризм масканларини алоҳида режа асосида фаолиятини ривожлантириш ва ташкил қилиш ишларини олиб бориш мақсадида Қўмита ҳузурида “Туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳа офиси” ДМ ташкил қилинмоқда.
Ҳудудларда туризм инфратузилмасини ривожлантириш учун қўшимча 450 млрд сўм маблағ ажратилмоқда. Умумий ҳисобда жорий йилда 950 млрд сўм маблағлар туризм инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтирилади.