Бугун 14 май, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

Яна бир давлат Эронга махфий равишда ҳужум уюштирган

Яна бир давлат Эронга махфий равишда ҳужум уюштирган

Эрон томонидан ўз ҳудудига берилган зарбаларга жавобан Саудия Арабистони махфий равишда форс давлатига қарши ҳужумлар уюштирган. Бу ҳақда Reuters агентлиги Ғарб давлатлари ва Эрондаги манбаларига таяниб хабар берди.

«Саудия Арабистони томонидан амалга оширилган ва илгари хабар берилмаган ушбу ҳужумлар подшоҳликнинг Эрон ҳудудида тўғридан-тўғри ҳарбий амалиёт ўтказгани билан боғлиқ илк маълум ҳолатдир. Бу эса подшоҳлик минтақадаги асосий рақибидан ҳимояланишда анча ишончли ҳаракат қила бошлаганидан далолат беради», – деб ёзди агентлик.

Маълум бўлишича, Саудия Арабистони Эронга жавоб зарбаларини март ойида берган. Аммо подшоҳлик Эрондаги айнан қайси объектларни нишонга олгани очиқланмаган. Бу масалада Reuters агентлигига на Саудия, на Эрон ташқи ишлар вазирлиги изоҳ берган.

АҚШ ва Исроил жорий йил 28 феврал куни Эронга қарши кенг кўламли ҳужум бошлаганидан кейин Теҳрон Вашингтоннинг яқин иттифоқчилари сифатида қўшни араб давлатлари, жумладан, Саудия Арабистонидаги ҳарбий ва саноат объектларига ракета ҳамда дронлар орқали ҳужум уюштирди.

Жумладан, Эрон Саудия Арабистонидаги АҚШ элчихонасини нишонга олди.

Шунингдек, Саудия нефт инфратузилмасига, хусусан, дунёдаги энг йирик нефть экспорт марказларидан бири бўлган Saudi Aramco компаниясининг Рас-Танура объектига зарба берилди.

Шу пайтга қадар подшоҳлик қўшни давлат ҳужумларига жавоб бергани ҳақида маълумот йўқ эди. Reuters хабари Саудия яширин бўлса-да жавоб қайтарганини англатади.

Уруш авжига чиққан кунларда Исроил араб давлатларини ҳам Эронга қарши ҳарбий кампанияга қўшиш учун турли усулларни қўллагани маълум.

Саудия Арабистонининг Эрон уруши бўйича позициясини икки босқичга бўлиш мумкин. Дастлаб Риёз Вашингтонни Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларни кучайтиришга чақирди. Подшоҳликнинг амалдаги раҳбари, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон АҚШ президенти Доналд Трампни Эронга қарши урушни ҳеч иккиланмай давом эттиришга ундади.

Урушнинг чўзилиши ва Ҳўрмуз бўғози блокадаси ортидан Саудия кескин позициясини юмшатди. Подшоҳлик АҚШни Ҳўрмуз бўғози қамалини тугатиш ва Теҳрон билан музокараларни қайта бошлашга кўндиришга ҳаракат қила бошлади.

Киритилди: Бугун 20:25. Ўқилди: 506 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!