Ушбу тадбирлар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, Рақобат қўмитасининг ҳудудий бошқармаси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.
Рейдларнинг асосий мақсади — “Реклама тўғрисида”ги қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя этилмаган ҳолатларни аниқлаш, пасспортисиз реклама жойлаштирилган автомобилларни фош этиш ҳамда қонунбузарликларнинг олдини олишдан иборат.
Текширувлар давомида бир қатор транспорт воситаларида рухсатсиз реклама ўрнатилгани аниқланган. Қонунбузарларга нисбатан тегишли чоралар кўрилган ва ҳуқуқий тушунтириш ишлари олиб борилган. Шунингдек, илова қилинган видеолавҳаларда айрим ҳайдовчилар “Yandex Go” каби хизматларнинг реклама ёрлиқларини ўз машиналаридан олиб ташлагани қайд этилган.
Маълумот учун, автотранспорт воситасига реклама жойлаштириш учун реклама жойининг паспорти бўлиши шарт. Паспортни Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали “Автотранспорт” бўлимида электрон тарзда олиш мумкин.
Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
– реклама эскизи;
– автомобил рақами;
– техник паспорт нусхаси.
Ҳужжатлар 5 иш куни ичида кўриб чиқилади. Аризани кўриб чиқиш учун йиғим миқдори БҲМнинг 90 фоизи (тахминан 370,8 минг сўм) этиб белгиланган.