Эрон АҚШ президенти Дональд Трампнинг ядро дастурини муҳокама қилиш таклифи бўйича хат олгани ҳақидаги даъвосини рад этди . Эроннинг Нью-Йоркдаги БМТдаги доимий ваколатхонаси Теҳрон Вашингтондан ҳеч қандай хабар олмаганини айтди.
Аввалроқ Трамп Fox Business Network телеканалига берган интервюсида Эрон олий раҳбари Али Хоманаийга музокаралар ўтказишга чақирувчи мактуб йўллаганини айтганди. Унга кўра, Эронга ё мулоқотга киришиш ёки АҚШ томонидан ҳарбий босимга дучор бўлиш таклиф қилинган.
Бироқ Теҳронда бу сўзлар ишончсизлик билан кутиб олинди. Эрон олий раҳбари аввалроқ Трамп маъмурияти билан ҳар қандай музокараларни “ишончсиз” деб атаган, қатъиян рад этган эди. Эрон президенти Масуд Пезешкиан ва ташқи ишлар вазири Аббос Арагчи Теҳрон босим остида мулоқот ўтказмаслигини бир неча бор таъкидлаган.
“АҚШ максимал босим ва таҳдид сиёсатини давом эттирар экан, тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориб бўлмайди”, деди Арагчи Саудия Арабистонида берган интервюсида.
Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги муносабатлар, айниқса, АҚШ 2018-йилда ядровий келишувдан чиққанидан кейин ҳам таранглигича қолмоқда. Трампнинг янги баёнотлари фонида Оқ уй дипломатик муросаларга тайёрми ёки кучли сценарийни кўриб чиқяптими, номаълумлигича қолмоқда.