Трамп ёрдамчисига 45 минг долларлик таътил пули берган.
АҚШ Оқ уйининг юқори лавозимдаги ходимлари анча юқори маош олади. Шунга қарамай, АҚШ президенти Дональд Трамп ўз ёрдамчиси Натали Харп ва яна уч нафар ходимига 45 минг доллардан пул бергани айтилмоқда. Бу ҳақда Америка ОАВлари, жумладан, The Washington Post газетаси хабар берди.
Гап «таътил учун пул совғалари» ҳақида кетмоқда. Газета ёрдамчига берилган маблағ миқдорига эътибор қаратган. Чунки Оқ уйда бундай лавозимда ишлайдиган ходимлар йилига тахминан 150 минг доллар маош олади. Шу тариқа, берилган «чўнтак пули» унинг йиллик маошининг қарийб учдан бир қисмига тенг.
Бундан ташқари, аввал Fox News телеканалида бошловчи бўлиб ишлаган Натали Харпнинг Дональд Трамп билан жуда яқин иш муносабатларига эга экани айтилмоқда. Трамп қоғозда ўқишни яхши кўргани сабабли, Харп унинг учун мақолалар, электрон хатлар ёки ижтимоий тармоқлардаги изоҳларни портатив принтер орқали доимий равишда чоп этиб беради. Бу ҳатто Air Force One бортида ёки гольф майдонида ҳам амалга оширилади.
Оқ уйда уни «инсон-принтер» — «human printer» деб аташади.
Оқ уй матбуот хизмати эса X ижтимоий тармоғида бунга муносабат билдириб: «Бу ерда гап кетаётган совғалар мазкур шахсларнинг ҳукуматдаги расмий вазифалари билан ҳеч қандай боғлиқ эмас. Шунинг учун улар амалдаги ҳуқуқий ва ахлоқий меъёрларга тўлиқ мос келади», — дея таъкидлади.
Оқ уйнинг аноним ходими ҳам Трамп атрофидаги одамларга Рождество совғалари бериш одати борлигини маълум қилди.
У президентнинг энг садоқатли ҳамроҳларидан бири сифатида қаралади. The New York Times нашри Натали Харп Оқ уйда президентнинг олдига кириш имкониятини назорат қилиши ва кечаю кундуз ишлашини ёзган.
Шунингдек, у Трампга мақтовга тўла ёзувлар қолдиргани ҳақида ҳам маълумотлар тарқалган. «Сен мен учун аҳамиятли бўлган барча нарсасан», — деб ёзгани айтилган у бир сафар.
Трамп эса, ўз навбатида, Харпни Оқ уйда уни ўз рафиқаси ва оиласи каби кучли қадрлайдиган ягона инсон деб ҳисоблаши айтилмоқда.