АҚШ президенти Доналд Трамп миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилари билан бир қатор учрашувлардан сўнг Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишни тўхтатиб қўйди. Бу ҳақда The Wall Street Journal газетаси маъмуриятдаги юқори лавозимли манбага таяниб хабар бермоқда.
Манба сўзларига кўра, Трамп Владимир Зеленскийнинг узоқ муддат давом этиши мумкин бўлган уруш ҳақидаги баёнотидан ғазабланиб, шундай қарор қабул қилган. Америка раҳбари ўз ниятларининг жиддийлигини кўрсатиш ва Киевни музокаралар столига ўтиришга мажбур қилиш мақсадида бу қадамни ташлаган.
"Украиналиклар бизнинг ниятларимизни жиддий қабул қилишмади. Биз буни кўрсатишга мажбур бўлдик," - дея таъкидлади манба.
Шу билан бирга, Трамп ҳозирча Украинанинг тинчлик музокараларига тайёрлигининг исботи деб нимани ҳисоблаш кераклигини аниқламади. АҚШ билан имзоланган ер ости бойликлари тўғрисидаги битим қурол-яроғларни музлатишни бекор қилиш учун етарли шарт бўладими ёки йўқми, номаълумлигича қолмоқда.
Президент фармойиши барча ҳарбий ёрдамга, жумладан, аллақачон Европага жўнатилган ва Украина чегараси томон кетаётган қурол-яроғларга тааллуқли. Трамп АҚШ етказиб беришни тиклашидан олдин Киевдан "тинчликка хайрихоҳлик кўрсатишни" талаб қилмоқда.