Бугун 4 ноябрь, 2025 йил, сешанба

O'ZB

Ўзганинг номига фирибгарлик билан олинган микроқарз ундан ундирилмаслиги мумкин

Ўзганинг номига фирибгарлик билан олинган микроқарз ундан ундирилмаслиги мумкин

Ўзбекистонда фирибгарлик билан жабрланувчи номига олинган микроқарзни ундан ундирмаслик механизми жорий этилади. Бу Шавкат Мирзиёев 3 ноябрь куни миллат генофондини гиёҳвандликдан ҳимоя қилиш, кибержиноятларга қарши самарали курашиш ҳамда прокурор назоратини рақамлаштириш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишганида маълум қилинди.

Маълум қилинишича, сўнгги 5 йилда Ўзбекистонда кибержиноятлар сони эса 68 баробарга кўпайган. 2025 йилнинг ўзида 46 мингдан ортиқ кибержиноят аниқланган. Улар орқали жисмоний ва юридик шахсларга етказилган моддий зарар 1,2 триллион сўмдан ошган.

Жиноятларнинг катта қисми интернет орқали амалга оширилиб, энг кўп тарқалган усуллардан бири — банк карталари орқали содир этилаётган киберфирибгарлик ҳисобланади.

Йиғилишда шахсий маълумотлар ҳимояси бўйича аниқ механизм мавжуд эмаслиги, айрим тадбиркорлик субъектлари мижозларнинг маълумотларини очиқ базаларда сақланаётгани таъкидланди. Давлат хизматлари соҳасида ҳам биометрик идентификация ва электрон рақамли имзолардан фойдаланишда киберхавфсизлик бўйича етарли кафолатлар таъминланмагани айтиб ўтилди.

Шунингдек, банк тизимида киберҳужумларнинг олдини олиш, шубҳали пул операцияларини аниқлаш ва тезкор чора кўриш механизмлари етарли даражада самарали ишламаётгани кўрсатиб ўтилди.

Шу боис, тақдимотда соҳанинг ҳуқуқий, технологик ва илмий-услубий асосларини тубдан такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди. Мутасаддилар бу борада ишлаб чиқилган ечимларни баён қилди.

Шахсга доир маълумотлар билан ишлашда киберхавфсизлик талабини, бундай маълумотларни шифрлаб сақлаш тартибини жорий этиш, маълумотга ишлов берувчи шахсларнинг реестрини юритиш, соҳадаги ҳуқуқбузарликлар учун жазо чораларини кучайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Банк соҳасида онлайн-микроқарз ажратишда фирибгарлар таъсирини чекловчи замонавий ҳимоя тизимларини жорий этиш, фирибгарлик натижасида жабрланувчининг номига олинган микроқарзни ундан ундирмаслик, шубҳали банк ҳисобварақларини блоклашни туну кун режимда йўлга қўйишнинг механизмлари таклиф қилинди.

Кибержиноятчиликнинг янги турлари — смарт қурилмаларга ҳужумлар, криптоактивларни ноқонуний эгаллаш каби таҳдидларнинг олдини олиш бўйича илмий тадқиқотларни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.

Давлат раҳбари таклифларни маъқуллаб, Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик марказининг салоҳиятини ошириш ва кибержиноятларга қарши курашиш самарадорлигини кучайтириш, жумладан, уларни тезкор фош этиш бўйича 7 турдаги янги экспертизани йўлга қўйиш бўйича аниқ топшириқлар берди.

Киритилди: 23:35 03.11.2025. Ўқилди: 1428 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!