Бу ҳақда АҚШ Ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэм Fox News телеканали эфирида маълум қилди.
"Мен аниқ сонни айтолмайман, лекин бундай давлатлар сони 30 дан кўп. Агар бу мамлакатларда барқарор ҳукумат бўлмаса, шунингдек, улар бизга Қўшма Штатларга киришга уринаётган фуқаролари кимлигини тушунтира олмаса ва уларни текширишга ёрдам бермаса, унда нега биз бу мамлакатлар фуқароларини Қўшма Штатларга киритишимиз керак?", — деди вазир.
Янги чекловлар 26 ноябр куни Оқ уй яқини содир бўлган отишмадан кейин қаттиқлаштирилган миграция сиёсатининг давомидир. Бу ҳужум оқибатида АҚШ Миллий гвардияси ҳарбийларидан бири ҳалок бўлган, бир нафари оғир яраланганди. Суриштирувларга кўра, ҳужумни 2021 йилда АҚШга келган афғонистонлик амалга оширган. Президент Трамп ўшанда “учинчи дунё мамлакатларидан келадиган мигрантларни абадий тўхтатишга” ваъда берган эди.
Бундан ташқари, Трамп маъмурияти “АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид”, деб ҳисоблаган 19 давлат фуқароларининг барча иммиграция аризаларини кўриб чиқишни вақтинча тўхтатганди. “Қора рўйхат”га тушганлар орасида Эрон, Венесуэла, Туркманистон ва Афғонистон фуқаролари ҳам бор.