Бугун 17 март, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Тошкентдаги “ARTepa” санъат галереясида ноёб асарлар кўргазмаси очилди

Тошкентдаги “ARTepa” санъат галереясида ноёб асарлар кўргазмаси очилди

Тошкент шаҳрида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (“Green University”) қошидаги “ARTepa” санъат галереясида “Дилором Мамедованинг 100 та ноёб асари” номли кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси аъзоси Васила Файзиева, кўргазма муаллифи, таниқли рассом, “Шуҳрат” медали соҳиби Дилором Мамедова, санъат ихлосмандлари, ёш экофаоллар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда нутқ сўзлаган Азиз Абдуҳакимов бугунги кунда Президент ташаббуси билан Янги Ўзбекистонда барча соҳаларда, хусусан, рассомчилик борасида ҳам янги давр бошланганлигини эътироф этди:

“Юртимиз рассомлари яратилган имкониятлардан руҳланиб, халқаро майдонларда ўз истеъдодини намоён этишмоқда. Атроф-муҳитни асраш соҳасига бўлган алоҳида эътибор сабаб сўнгги йилларда Ўзбекистонда мавзуга доир қатор йирик халқаро пленерлар ташкил этилди. Хорижий мамлакатлар ҳайкалтарошлари иштирокида Халқаро ҳайкалтарошлик симпозиумларини ўтказиш яхши анъанага айланиб улгурди. “ARTepa” галереяси ушбу йўналишдаги навбатдаги йирик лойиҳа бўлиб, маданий қадриятларни сақлаш, яратиш, ўрганиш, тарғиб этиш ва ривожлантиришга хизмат қилувчи маданий муассаса ҳисобланади. Ушбу санъат галереяси ўз фаолиятида атроф-муҳитни асраш, барқарор ривожланиш, экологик маданиятни шакллантириш ва иқлим ўзгариши масалаларига бағишланган илмий, маданий-маърифий ташаббусларни қўллаб-қувватлайди ҳамда ушбу йўналишлардаги санъат ва илмий ғояларни тарғиб этади”.

Раис биринчи кўргазма сифатида айнан “Дилором Мамедованинг 100 ноёб асари” кўргазмаси танланганлиги бежизга эмаслигини таъкидлади:

“Рассомнинг асарлари она Ватанга муҳаббат, миллий анъаналарга ҳурмат ва инсон қалбини чуқур ҳис этиш руҳи билан суғорилган. Унинг ўзига хос бадиий услуби ўзбек халқининг бой маданий мероси — урф-одатлари, анъаналари ва маънавий қадриятларини ўзида акс эттиради. Шунингдек, кўргазмага бағишлаб рассомнинг барча асарлари жамланган махсус каталог ҳам нашр этилди. Ушбу каталог санъат ихлосмандлари учун улкан эстетик илҳом манбаи бўлиши билан бирга, юртимиз бой маданий меросини тарғиб қилувчи қимматбаҳо тўпламдир”.

Очилиш давомида санъат ихлосмандлари Дилором Мамедованинг ноёб ва бетакрор асарлари билан яқиндан танишишди. Рассомнинг асарлари Ватанга муҳаббат, миллий анъаналарга ҳурмат ва инсон қалбини чуқур ҳис этиш билан суғорилган. Унинг ўзига хос ва осонгина таниладиган бадиий услуби ўзбек халқининг бой маданий меросини — урф-одатлари, анъаналари ва маънавий қадриятларини акс эттиради.

“ARTepa санъат галереясида биринчи бўлиб менинг кўргазмам очилганлиги мен учун катта бахт. Кўргазмага янги асарларим қўйилган. Ҳар бир расмга янгича услубда ёндашганман. Жумладан, абстракция, реализм, фалсафий йўналишдаги, табиат манзаралари акс этган суратларни кўришингиз мумкин, — деди Дилором Мамедова. — Мақсадим Ўзбекистоннинг бой табиати, маданий меросини бутун дунёга танитиш ва келажакда бу борада яна бир қанча кўргазмалар ташкил этишни мақсад қилганман”.

Рассом ўзининг кўргазмага қўйилган 100 ноёб суратларини “Green University”га совға қилди.

Маълумот учун, 2022-йилдан буён мамлакатимизда турли давлатлардан келган қарийб 100 нафар машҳур рассом иштирокида бешта йирик халқаро пленер ўтказилди. Ушбу ижодий учрашувлар доирасида 2000 га яқин ноёб ранг-тасвир ва графика асарлари яратилди. Бугунги кунда ушбу кенг қамровли тўплам фондларда ҳамда экспозицияларда сақланиб, Ўзбекистон миллий бадиий меросининг муҳим қисми сифатида эътироф этилмоқда.

Асарларда мамлакатимиз ва бошқа давлатларнинг маданий мероси, туркий халқларнинг миллий либослари, турли мамлакатларнинг бетакрор табиати, ҳайвонот олами ва бошқа кўплаб мавзулар акс этган.

“Дилором Мамедованинг 100 та ноёб асари” кўргазмаси икки ой давом этади.

Киритилди: Бугун 12:12. Ўқилди: 257 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!