Қўшма Штатлар билан музокаралар давомида Теҳрон ядровий қурол дастуридан воз кечишни ҳужжатлаштиришни таклиф қилди, аммо Вашингтон бу таклифни рад этди.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчи бу ҳақда ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
"Эроннинг ядровий қуролдан тўлиқ воз кечиш таклифи Америка томони техник тафсилотларни тушунмагани учун рад этилди", деб ёзган Арағчи.
Эслатиб ўтамиз, Эрон ва АҚШ делегациялари ўртасидаги музокараларнинг учинчи босқичи 26 февраль куни Женевада Уммон воситачилигида бўлиб ўтди. Эрон томонига Аббос Арағчи, Америка томонига эса президентнинг махсус элчиси Стивен Уиткофф ва бизнесмен Жаред Кушнер бошчилик қилди. Техник маслаҳатлашувлар март ойи бошида Вена шаҳрида МАГАТЭда давом этиши режалаштирилган эди.