Бугун 23 апрель, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

Тошкентда сув дипломатияси бўйича бўлиб ўтган анжуманда Афғонистон делегацияси ҳам иштирок этди

Тошкентда сув дипломатияси бўйича бўлиб ўтган анжуманда Афғонистон делегацияси ҳам иштирок этди

10 апрель куни пойтахтимизда "Марказий Осиёда сув дипломатияси: барқарор ривожланиш йўлида ишонч, мулоқот ва кўп томонлама ҳамкорли" мавзуида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унда 10 дан ортиқ мамлакатлардан 100 нафардан зиёд иштирокчилар, жумладан Марказий Осиёдаги иккита энг йирик дарё – Амударё ва Сирдарё сув ҳавзаларини бирлаштириб турган давлатлар вакиллари иштирок этишди.

Марказий Осиё мамлакатлари билан бўлган кўп томнолама мулоқотда илк маротаба Афғонистон делегацияси ҳам қатнашди.

Афғонистон Муваққат ҳукуматининг Энергетика ва сув хўжалиги вазирлигининг сув ресурсларини тартибга солишни бошқариш бўлими бошлиғи Несар Мўҳаммад Нўмон анжуман иштирокчиларига мурожаат қилиб, ушбу форум ўтказилиши билан барчани қутлади.

– Марказий Осиёда сув дипломатияси бўйича бундай муҳим тадбирда иштирок этиш Афғонистон Ислом Амирликлари делегацияси учун катта шараф. Бу ўртамиздаги ишончни янада мустаҳкамлаб, муносабатларимизни яхшилашга ҳамда сув ресурсларини бошқариш ва ҳамкорлик масалалари бўйича мазмунли ва тенг ҳуқуқли мулоқот учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилиши шубҳасиз, – деди у.

Афғонистон вакилининг сўзларига кўра, бугунги кунда Афғонистон ва Марказий Осиё ўртасида ишонч ва ҳамфикрликка асосланган кўп қиррали ҳамкорлик фаол ривожланмоқда.

"Мамлакатларимизнинг умумий жиҳатлари кўп ва бу ўзаро ҳамкорлик учун мустаҳамкам замин яратиши мумкин", – деди Несар Муҳаммад Нўмон.

"Афғонистон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги давлатлараро муносабатлар иқтисодиёт, сиёсат, савдо, транзит, сув таъминоти ва қишлоқ хўжалиги каби турли соҳаларда тобора яхшиланмоқда", – деди афғонистонлик мутахассис.

Шу нуқтаи назардан, Афғонистон Муваққат ҳукуматининг Энергетика ва сув хўжалиги вазирлигининг сув ресурсларини тартибга солишни бошқариш бўлими бошлиғи сув соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик ҳақида гапирар экан, мамлакатнинг бу йўналишда амалий ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Афғонистонда узоқ давом этган сиёсий беқарорликдан сўнг тинчлик ва хавфсизлик тикланган.

http://storage.ismi.uz/source/1/2025/mart/02.png

"Сув – келишмовчиликлар учун эмас, балки ҳамкорлик манбаси бўлиши керак", – деди Несар Муҳаммад Нўмон. – Биз шу фикрни маъқуллаймиз. Бу борада Ўзбекистон Республикаси ва минтақадаги бошқа қўшни мамлакатлар билан сув масалалари бўйича қатор музокаралар ўтказилди".

Умуман олганда, мутахассис Марказий Осиё билан сув ресурсларини бошқариш соҳасида ҳамкорлик қилишнинг муҳимлигини алоҳида таъкидлади: "Марказий Осиё мамлакатлари сув ресурсларини самарали бошқариш ва улардан фойдаланиш бўйича катта тажрибага эгадирлар ва бу мазкур йўналишда ҳамкорлик ўрнатиш аҳамиятини оширади".

Бундан ташқари, Несар Муҳаммад Нўмон, Афғонистон Марказий Осиё сув ҳамкорлигининг бир қисмига айланиши кераклигини ишонч билан билдирди. "Фақат биргаликдагина умумий минтақавий сув-иқлим муаммоларини ҳал этишимиз мумкин", – деди у.

Киритилди: 13:02 14.04.2025. Ўқилди: 606 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!