Қозоғистон ҳукумати Украинанинг "Яшашни хоҳлайман" маркази томонидан қозоғистонликларнинг Россия тарафида жанговар ҳаракатларда қатнашгани ҳақидаги маълумотга муносабат билдирди.
Интернетда 661 кишининг исми-шарифи пайдо бўлганидан сўнг, Қозоғистоннинг Украинадаги консули Бауржан Бегалимов ва Муваққат ишончли вакил Қанат Катренов Украина ҳарбий асирлар ишлари бўйича мувофиқлаштириш штаби вакиллари билан учрашув ўтказди.
Қозоғистон томони бундай ҳар бир ҳолатни кузатиб боришини ва фуқаролар орасида тушунтириш ишлари олиб боришини маълум қилди. Ҳукумат чет элдаги ҳарбий ҳаракатларда ёлланма жангчи сифатида иштирок этиш жиноий жавобгарликка тортилишини, бунинг учун мол-мулк мусодара қилиниб, 12 йилдан 17 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланганини эслатди.
Украинанинг Мудофаа вазирлиги ва Бош разведка бошқармаси ҳузуридаги "Яшашни хоҳлайман" маркази эълон қилинган рўйхатдаги камида 78 нафар қозоғистонлик аллақачон ҳалок бўлганини таъкидламоқда. Марказ вакиллари айтишича, бу Россия учун жанг қилаётган ёлланма аскарлар ҳақидаги туркум нашрларнинг биринчи қисми ҳисобланади.