Шерзодхон Қудратхўжа Лавровнинг ташрифи борасида тарқалган хабарларга, Лавровнинг хатти-ҳаракатларига ўз муносабатини билдирди.
Ҳар бир мамлакат ўзининг ҳудудидаги тарихий обида ёки ҳайкали атрофида қайси тилда ёзишини фақат ўзи ҳал қилади. Четдан келиб, бошқа давлатнинг Ташқи ишлар вазири бизни танқид қилиши нотўғри. Зеро, биз уларнинг колонияси эмасмиз!
Бизнинг вазирлар ҳам Россияга борганда баъзи масалалар бўйича Лавров каби дадил савол беришни ўрганишлари керак, шекилли.
Хусусан, нега бизнинг Россиядаги мигрантлар дискриминация қилинади? Нимага уларга нисбатан маҳаллий ҳокимият, миграцион хизматлар ёки полиция томонидан оддий инсон ҳуқуқларини паймол қилувчи ҳолатлар қўлланилса, Россия жамоатчилиги ва давлат расмийлари жим туради?
Сергей Лавров келиб бизга "она тимсоли — муқаддас" эканлигини тушунтирмоқчи экан, оддий бир ёзувни бор йўқлигига диққат қаратаркан, биз ҳам унга "инсон ҳуқуқлари ҳам муқаддас" эканлигини диққат эътиборига солишимиз ва эслатишимиз керак.
Лавров Ўзбекистон ва Европа Иттифоқининг ҳамкорлиги тўғрисида ҳам гапирибди. Ким билан қандай алоқалар ўрнатишни ёки қай даражада ҳамкорлик қилишни давлатнинг ўзи ҳал қилади! Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Жумладан, Европа Иттифоқи билан ҳам ўзаро алоқалар даражасини Ўзбекистоннинг ўзи белгилайди. Бу давлатимизнинг ташқи сиёсати кўп векторлик эканлигини кўрсатади.