АҚШ Россияга Украина билан уруш пайтида босиб олган ҳудудларни назорати остида қолдиришни таклиф қилди. Бу ҳақда Bloomberg вазиятдан хабардор европалик амалдорларга таяниб, Францияда ўтказилган музокаралар чоғида АҚШ томонидан Россия-Украина урушини тўхтатиш бўйича билдирилган таклифлар ҳақида хабар берди.
Бундан ташқари, АҚШ Россияга қарши санкцияларни юмшатиш ва Украинанинг НАТОга аъзо бўлиш интилишини кун тартибидан чиқаришни таклиф этди.
Агентлик таъкидлашича, билдирилган таклифлар "амалда урушни музлатиб қўйиш" имконини беради. Bloomberg манбалари музокараларнинг махфий хусусиятини ҳисобга олиб, муҳокамаларнинг бошқа тафсилотларини ошкор қилишдан бош тортишди.
17 апрель куни Парижда АҚШ Украина ва Европа давлатлари вакиллари билан бир қатор учрашувлар ўтказди. Америка делегацияси таркибига давлат котиби Марко Рубио, АҚШ президентининг Яқин Шарқ бўйича махсус элчиси Стив Уиткофф ва президентнинг Украина бўйича махсус вакили Кит Келлог кирди.
Музокараларда Украина номидан Президент девони раҳбари Андрей Ермак, ташқи ишлар вазири Андрей Сибига ва мудофаа вазири Рустем Умеров иштирок этди. Делегациялар учрашуви Франция президенти Эммануэл Макрон иштирокида бўлиб ўтди.