Тошкентда Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази ташаббуси билан “Болалар адабиёти – маданий мулоқотнинг асоси” шиори остида “Озарбайжон эртаклари” ва “Ўзбек эртаклари” китоблари тақдимоти бўлиб ўтди.
Нашрлар маданият маркази, Ф. Кўчарли номидаги Республика Болалар кутубхонаси ҳамда Tahsil ҳамкорлигида тайёрланган.
Тадбирда Озарбайжон элчихонаси вакиллари, Ўзбекистоннинг илм-фан, маданият ва санъат арбоблари, меҳмонлар ҳамда ўқувчилар иштирок этди.
Озарбайжон элчиси Ҳусейн Гулиев икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар XIV асрдан бошланганини ва бугунги кунда барча соҳаларда изчил ривожланаётганини таъкидлади.
Маданият маркази директори Акиф Марифли бундай лойиҳалар ёш авлодни миллий-маънавий қадриятлар асосида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.
Шунингдек, масъуллар ушбу китоблар болаларда мутолаага қизиқишни ошириш, ижодий қобилиятларни ривожлантириш ва Озарбайжон ҳамда Ўзбекистон ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини билдиришди.