Аввалроқ интернетда кекса отаси билан қўпол муносабатда бўлаётган эркак видеоси тарқалган эди. Тошкент шаҳар ИИББдан маълум қилишларича, видеодаги ҳолат 9 февралда юз берган. 51 ёшли М.А. саломатлигидаги муаммолар сабабли ўзи мустақил ҳаракатлана олмайдиган 86 ёшли отасини туртиб, уни койиган.
Мирзо Улуғбек тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари билан биргаликда М.А. билан тушунтириш ишлари олиб боришган ва эркакка кекса отасига қарашда ёрдам кўрсатилишига ваъда беришган.
Айни вақтда Мирзо Улуғбек тумани маъмурий суди М.А.ни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддасида (майда безорлик) кўзда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этишда айбдор деб топган ва унга 7 суткалик маъмурий қамоққа олиш жазосини тайинлаган.