Бугун 24 август, 2026 йил, душанба

O'ZB

Тошкентда мактабгача таълимни ривожлантириш минтақавий маркази ташкил этилади

Тошкентда мактабгача таълимни ривожлантириш минтақавий маркази ташкил этилади

Тошкент шаҳрида мактабгача таълим соҳасида халқаро ҳамкорлик, илмий тадқиқот ва педагоглар малакасини оширишга ихтисослашган минтақавий марказ ташкил этилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 18 августдаги 446-сон қарори билан Тошкент шаҳридаги Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти ҳузурида Мактабгача таълимни ривожлантириш минтақавий марказини ташкил этиш белгиланди.

Марказнинг асосий вазифалари мактабгача таълим соҳасида минтақавий ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий тажрибани ўрганиш ҳамда илмий-амалий тадқиқотларни ташкил этишдан иборат бўлади.

Жумладан, марказ ЮНЕСКОга аъзо мамлакатларнинг мактабгача таълим дастурлари ва методикалари бўйича қўшма тадқиқотлар ўтказишда иштирок этади. Шунингдек, болаларни эрта ривожлантиришга қаратилган таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишга кўмаклашади.

Марказга яна 2030 йилгача мактабгача таълим соҳасидаги Тошкент декларацияси ижросини мониторинг қилиш ва даврий ҳисоботлар тайёрлаш вазифаси ҳам юклатилди.

Бундан ташқари, мактабгача таълим соҳасида педагог кадрларни қайта тайёрлашнинг янги усулларини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади. Халқаро тренинг, семинар ва конференциялар ташкил этиш ҳам марказ фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири бўлади.

Таъкидлаш жоизки, Тошкентда мактабгача таълимни ривожлантириш бўйича минтақавий марказ ташкил этиш ташаббуси аввалроқ ЮНЕСКО билан ҳамкорлик доирасида илгари сурилган эди. 2025 йил октябрида ЮНЕСКО Ижроия кенгашининг 222-сессияси доирасида Ўзбекистон ташаббуси билан Тошкент шаҳрида ЮНЕСКО ҳузуридаги мактабгача таълимни ривожлантириш бўйича II тоифали минтақавий марказ ташкил этиш таклифи маъқулланган.

2026 йил март ойида эса Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасида Тошкентда ЮНЕСКО ҳомийлигида II тоифали «Мактабгача таълимни ривожлантириш минтақавий маркази»ни ташкил этиш бўйича битим имзолангани хабар қилинган эди. Марказ Марказий Осиё ва Тинч океани минтақасидаги мазкур йўналишдаги муҳим минтақавий ташаббуслардан бири сифатида қайд этилган.

Киритилди: 18:10 19.08.2026. Ўқилди: 596 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!