Тошкент шаҳрида ДХХ ва ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда 20 ёшли аёлни хорижга фоҳишалик учун юбормоқчи бўлган шахс қўлга олинди.
Маълум қилинишича, Ангрен шаҳрида яшовчи 25 ёшли аёл БААнинг Дубай шаҳрида яшовчи танишлари билан тил бириктириб, Жиззах вилояти Мирзачўл туманида яшовчи аёлни хорижда юқори даромадли иш борлигига ишонтирган. Гумонланувчи шу йўл билан унинг ишончига кириб, чет элга юборишга уринган.
Тергов маълумотларига кўра, жабрланувчи Тошкент халқаро аэропорти орқали Дубайга жўнатилаётган ва у ерда уни бошқа бир Ўзбекистон фуқароси кутиб олиши керак бўлган. Бироқ тезкор тадбир давомида аёл аэропортда ушланиб, одам савдоси билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатларга чек қўйилган.
Қайд этилишича, жабрланувчини аслида шаҳвоний эксплуатация ва фоҳишалик мақсадида хорижга юбориш режалаштирилган бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, шунингдек, жиноятга алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш чоралари кўрилмоқда.