Тошкент вилоятининг Зангиота туманида 3,5 тоннага яқин эшак ва қорамол суяклари аниқланди. Бу ҳақда “Миллар” дастурида хабар берилди.
Маълум қилинишича, кўплаб фуқароларнинг эътирозлари ва мурожаатларига кўра Тошкент вилояти карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи, ҳудудий ветеринария ходимлари ва ҳудуд профилактика инспекторлари ҳамкорлигида манзилга чиқиб ўрганилганида юк машина тўла қопларга солинган суяклар борлиги аниқланган.
Суяклар Қашқадарё вилояти Косон туманидаги чиқиндихоналардан йиғиб олиб келингани айтилмоқда. Уларни ташиган ҳайдовчи у пул учун суякларни олиб келганини билдирган. У ҳеч қандай ветеринария маълумотномасини кўрсатиб бера олмагандан кейин қайта ишлаш цехига топширилиб, эшак ва қорамол суякларининг барчаси тегишли тартибда йўқ қилинган.
Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи ходимлари томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари асосида маъмурий баённома расмийлаштирилган.