Бугун 16 октябрь, 2025 йил, пайшанба

O'ZB

Ҳабиб Нурмагомедов нега Ўзбекистонга келди?

Ҳабиб Нурмагомедов нега Ўзбекистонга келди?

UFCнинг собиқ мутлақ чемпиони, аралаш жанг санъати (MMA) юлдузи Ҳабиб Нурмагомедов Ўзбекистон Аралаш жанг санъати ассоциацияси таклифига биноан Тошкентга келган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ташриф давомида Нурмагомедов Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги “Жар” спорт мажмуасида жойлашган ассоциациянинг марказий идораси фаолияти билан танишган.

Доғистонлик спортчини ассоциация раиси Азиз Тошпўлатов, Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари ва Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, МОҚ бош котиби Ойбек Қосимов ҳамда терма жамоа мураббийлари ва спортчилар кутиб олди.

Тадбир давомида меҳмонлар аралаш жанг санъатининг Ўзбекистондаги ривожланиши, спортчиларнинг тайёргарлик жараёни ва мавжуд инфратузилма билан яқиндан таништирилган. Шунингдек, спорт йўналишида халқаро тажриба алмашиш, ўқув-машғулот йиғинлари ва мусобақалар ташкил этиш каби масалалар муҳокама қилинган.

Нурмагомедов учрашувда сўзга чиқиб, спортчиларнинг профессионал тайёргарлиги бўйича ўз тавсияларини берди:

“Ўзбекистон бугун боксда дунёдаги етакчи давлатлардан бири бўлиб, энг кўп олтин медалларни қўлга киритмоқда. Агар бошқа спорт турларида, жумладан аралаш жанг санъатида ҳам ёшларга шароит яратилса, улар ҳам яқин келажакда жаҳон саҳнасида етакчилардан бўлиши мумкин”, деди Нурмагомедов.

Ташриф доирасида Ҳабиб Нурмагомедов ёш спортчилар билан ҳам учрашиб, уларга ўз тажрибаси билан ўртоқлашган.

Киритилди: 23:24 15.10.2025. Ўқилди: 2130 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!