Тошкент шаҳар суди раисининг 2022 йил февраль-апрель ойларида сайёр қабуллар ўтказиш ҳақидаги иш режасига асосан Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Ходжакулов ва жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди раиси Алишер Жалилов ҳамда судья Темур Касимов томонидан Тошкент шаҳар Халқ қабулхонасида сайёр қабул ўтказилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати хабар қилди...
Сайёр қабулда суд-ҳуқуқ масалалари бўйича жами 26 нафар фуқаролар қабул қилинди. Қабул қилинган фуқароларнинг 16 таси жиноят ишлари бўйича, 10 таси фуқаролик ишлар бўйича судларга оид мурожаатларни ташкил этади.
Шундан 16 та фуқаронинг оғзаки мурожаати, 10 та фуқаронинг ёзма мурожаатлари қабул қилинди.
Жами 26 та мурожаатлардан 21 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 5 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилиб, мурожатлар қаноатлантирилди.
— Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди томонидан 4 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин озод қилинди. Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг 2020 йил 13 октябрдаги ҳукми билан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “а” банди ва бошқа моддаларида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган шахс 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Маҳкум суд томонидан белгиланган тартибларга тўлиқ амал қилиб, ўз яшаш манзили бўйича ижобий тавсифланган ва хуқуқбузарликларга йўл қўймаган. У Яккасарой туман ИИО ФМБ Пробация бўлимида жазони 1 йил 3 ой 3 кун муддатини ўтаган. Яккасарой туман ИИО ФМБ бошлиғининг тақдимномаси қаноатлантирилиб, маҳкум Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан ўталмай қолган жазодан шартли равишда озод қилинди, - дейди Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг судьяси Темур Касимов.