2025 — 1990-йиллардан буён глобал наркоиқтисодиётда муҳим ўрин эгаллаб келаётган Афғонистон 2021-йилда Толибон ҳокимиятга қайтгач, наркотиклар ишлаб чиқариш бўйича янги босқичга қадам қўйди. Толибон раҳбарияти мамлакатда опиум манбаи бўлган кўкнор етиштиришни қатъиян тақиқлади ва бу борада кескин чоралар эълон қилинди.
УНОДC (БМТ Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси) маълумотларига кўра, 2022-йилда тақиққа қарамай, кўкнор экин майдонлари 28 фоизга ошган бўлса, 2023-йилда бу майдонлар 95 фоизга қисқарган. Жумладан, Гилменд вилоятида экинлар 129 минг гектардан атиги 740 гектаргача тушди. Опиум ишлаб чиқариш ҳажми эса 6200 тоннадан 333 тоннага камайган. Бироқ 2024-йилда бу кўрсаткич яна 30 фоизга ошиб, 433 тоннага етди.
Таҳлилчиларга кўра, қисқа муддатли ютуқларга қарамай, тақиқнинг узоқ муддатли самараси савол остида қолмоқда. Афғонистоннинг кўплаб вилоятларида, айниқса Гилменд, Қандаҳор ва Нангарҳорда кўкнор деҳқонлар учун асосий даромад манбаи бўлиб қолмоқда. Инфратузилманинг етишмаслиги, давлат ёрдами ва бозорга чиқиш имконларининг чекланганлиги сабабли кўкнор кўплаб оилалар учун ягона иқтисодий имкониятга айланган.
2024-йилда наркотик ишлаб чиқариш географияси ҳам ўзгарди — кўкнор экинлари жануби-ғарбий вилоятлардан шимоли-шарқий ҳудудларга силжиди. Бадахшон вилоятида кўкнор экинлари 381 фоизга ошган. Бу ҳудуднинг Хитой, Тожикистон ва Покистон билан чегарадош экани наркотрафик йўлларининг ўзгаришига олиб келмоқда.
Шу билан бирга, экспертлар Афғонистонда синтетик наркотиклар, айниқса метамфетамин ишлаб чиқариш кескин ортганини таъкидлашмоқда. УНОДC ва бошқа халқаро ташкилотларнинг маълумотларига кўра, бу модда эфедра ўсимлигидан арзон ва оддий усулда тайёрланмоқда. Мамлакат жануби-шарқида «К-таблеткалар» деб номланувчи синтетик дори воситалари ҳам кенг тарқалмоқда. Бу янги ҳолат минтақавий хавфсизлик ва жамоат саломатлиги учун жиддий таҳдид туғдирмоқда.
Қўшни давлатлар — Эрон, Покистон ва Тожикистон — сўнгги вақтларда Афғонистондан кириб келаётган синтетик наркотиклар контрабандасининг ошгани ҳақида бонг уришмоқда. Айниқса, Эрон ҳудудида метамфетамин мусодара ҳолатлари сезиларли даражада кўпайган. Бу эса минтақавий разведка ва чегара хавфсизлиги тизимларининг янги хавфга тайёр эмаслигини кўрсатади.
Толибоннинг опиумга қарши сиёсати халқаро майдонда қонунийликка эришиш ҳаракати сифатида баҳоланмоқда. Бироқ, иқтисодий барқарор муқобиллар тақдим этилмаса, бу сиёсат барбод бўлиши мумкин. Мавжуд опиум захиралари — тахминан 16 000 тонна — ҳали ҳам глобал таъминотни бир неча йил давомида таъминлаш имкониятига эга. Шу сабаб, таҳлилчилар реал ўзгаришлар фақат комплекс ёндашув: қишлоқларни ривожлантириш, аграр ислоҳотлар ва минтақавий ҳамкорлик орқали амалга ошишини таъкидлашмоқда.