Россияда "Толибон" ҳаракати фаолиятига қўйилган тақиқни тўхтатиш тўғрисидаги қарор расман кучга кирди. ФХХ реэстрида ташкилот 20 май куни рўйхатдан чиқарилгани қайд этилган.
"Толибон" Олий суднинг тегишли қароридан сўнг реэстрдан олиб ташланди. 17 апрель куни суд бош прокурор Игор Красновнинг ташкилот фаолиятига қўйилган тақиқни тўхтатиб туриш ҳақидаги аризасини қаноатлантирди.
"Толибон" 2003 йилдан буён Россияда тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган эди. 2024 йил майда Россия президенти Владимир Путин "Толибон" Афғонистондаги амалдаги ҳокимият эканлигини ва у билан муносабатларни ўрнатиш зарурлигини таъкидлади. Ўша йилнинг июль ойида эса у мазкур ташкилотни Россиянинг терроризмга қарши курашда иттифоқчиси деб атади.