Афғонистонда «Толибон» ҳукумати Британиянинг BBC телерадиокорпорациясига тегишли FM радиоэшиттиришларни мамлакат бўйлаб вақтинча тўхтатди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
BBC вакили корпорация вазиятни ҳал қилиш ва радиоэшиттиришларни қайта тиклаш мақсадида Афғонистон расмийлари билан мулоқот олиб бораётганини маълум қилди.
«Афғонистон бўйлаб миллионлаб одамлар ишончли янгилик ва маълумот олиш учун BBC’га таянади. Биз вазиятни ҳал қилиш мақсадида расмийлар билан ишлаяпмиз», — дейилади корпорация баёнотида.
«Толибон» ҳукумати Ахборот ва маданият вазирлиги матбуот котиби Хубиб Ғуфрон BBC фаолияти «такрорий қоидабузарликлар» сабабли вақтинча тўхтатилганини айтди. Бироқ у айнан қандай талаблар бузилгани ҳақида батафсил маълумот бермади.
Ҳозирча радиоэшиттиришлар қачон қайта тикланиши маълум эмас. BBC эса Афғонистон томони билан музокараларни давом эттирмоқда.