Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон лола ва қор гулини мамлакатнинг миллий гуллари деб эълон қилиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Қарор тожик халқининг миллий ўзлигини мустаҳкамлаш, маданий меросини асраб-авайлаш ва уни ёш авлодга етказиш мақсадида қабул қилинган. Шунингдек, ташаббус аҳолида эстетик дидни ривожлантиришга қаратилган.
Фармонга мувофиқ, Тожикистон ҳукумати миллий гулларни оммалаштириш чораларини кўради. Лола ва қор гули маҳаллий ҳамда халқаро тадбирларда намойиш этилади.
Ҳужжатнинг тушунтириш хатида таъкидланишича, ҳар икки гул тожик халқининг баҳорни кутиб олиш билан боғлиқ миллий анъаналарида муҳим ўрин тутади.
Қор гули поклик ва адолат рамзи ҳисобланса, лола халқнинг қадр-қиммати, гўзаллиги ва мамлакат табиатининг бойлигини ифодалайди.