«Чегара билмас мухбирлар» (Reporters Without Borders) халқаро ташкилоти Тожикистон ҳукуматини янгиликлар сайтлари блоклаб қўйилгани учун танқид қилди.
Тожикистон расмийлари мамлакатдаги норозилик намойишларига жавобан кўп ҳолларда интернет-цензурадан фойдаланади ва сайтларни блоклайди, дейилади «Тожикистон интернет-цензуранинг Хитой моделини қўлламоқда» (Tajikistan turns to Chinese model of large-scale Internet censorship) ҳисоботида, у 15 ноябрь куни эълон қилинди.
6 ноябрь куни Хорог аҳолиси милиция ходимларининг хатти-ҳаракати ва куч тузилмаларининг қўшимча бўлинмалари мавжудлигига қарши митингга чиқишгач, янгиликлар сайтлари ва ижтимоий тармоқларга кириш имкони тўсиб қўйилди.
Ҳукумат томонидан «Азия-плюс» янгиликлар сайти, YouTube ва Facebook, Россиянинг «ВКонтакте» ҳамда «Одноклассники» ижтимоий тармоқлари ва WhatsApp ҳамда Telegram каби мессенжерлар блокланди, дейилади ҳисоботда. «Веб-сайт блокланганига қарши Virtual Private Network фильтрларидан фойдаланадиган кўплаб интернет-фойдаланувчилари VPN ҳам блокланганини билдиришди».
«Кенг кўламли интернет-цензура ва блоклашга йўл қўйиб бўлмайди, - деди «Чегара билмас мухбирлар» ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Йоханн Бир. - Тожикистон ҳукумати цензура турли миш-мишлар тарқатилишига ҳисса қўшишини тушуниши керак. Халқаро ҳамжамият интернет-фильтрлашнинг Хитой моделидан фойдаланмаслиги зарур».
Manba: kun.uz