Бугун 13 ноябрь, 2026 йил, жума

O'ZB

Тинч океанининг ранги микропластик туфайли ўзгармоқда

Тинч океанининг ранги микропластик туфайли ўзгармоқда

Буюк Тинч океани чиқиндилар доғи ҳудудида сув кўпроқ кўк ва яшил ёруғликни қайтара бошлади. Олимлар сўнгги 20 йилдаги сунъий йўлдош маълумотларини таҳлил қилган ҳолда, бунга микропластик тўпланиши сабаб бўлаётган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқдалар. Янги тадқиқот натижалари Nature илмий журналида чоп этилди.

Тадқиқотчилар учта мустақил маълумотлар базасини ўрганиб чиқдилар. Уларнинг барчаси Шимолий Тинч океанидаги чиқиндилар тўпланган ҳудудда сув спектрнинг кўк ва яшил диапазонида борган сари порлоқ бўлиб бораётганини кўрсатди. Бундай ҳолат сувда майда пластик заррачаларнинг мавжудлиги келтириб чиқарадиган эффектга мос келади.

Микропластик — бу ўлчами беш миллиметрдан кичик бўлган пластмасса заррачаларидир. Улар қуёш нурини сочиш хусусиятига эга бўлиб, сув юзасидан қайтувчи нурни ўзгартиради. Натижада океан ёруғроқ кўриниб, ҳавокранг-фируза тус олиши мумкин. Гап ҳозирча фақат сезгир сунъий йўлдош асбоблари ёрдамидагина кузатиш мумкин бўлган билинар-билинмас ўзгаришлар ҳақида бормоқда.

Тадқиқот натижалари айнан пластик сув рангининг ўзгаришига сабаб бўлганига юқори кафолат бермайди. Ёруғликнинг қайтишига сув ўтлари, планктонлар, органик моддалар ва минерал заррачалар ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Шу билан бирга, моделлаштириш натижаларига кўра, микропластик мавжуд бўлганда кўк ва яшил порлашнинг бир вақтнинг ўзида кучайиши фақат табиий омиллар ўзгаришига қараганда тўрт мартадан ортиқ эҳтимолга яқин эканлигини кўрсатди.

Киритилди: 22:06 12.11.2026. Ўқилди: 316 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар