Al-Jazeera Хабар қилганидек, Исроил қарийб 60 кундан бери Ғазо секторига озиқ-овқат, ёқилғи ва дори-дармонлар каби барча ёрдамларни киритишни тўхтатиб қўйди.
Бу Ғазодаги 2,3 миллион фаластинлик ҳозирда асосан консерваланган сабзавотлар, гуруч, макарон ва ясмиқ билан кун кечираётганини англатади. Гўшт, сут, пишлоқ ва мевалар бутунлай йўқолди. Нон ва тухум топиш қийин бўлиб қолди.
Бозорлардаги кам сонли сабзавот ва бошқа маҳсулотларнинг нархи осмонга чиқиб кетгани боис, кўпчилик учун уларни сотиб олиш имконсиз бўлиб қолди.
Фаластинлик оилалар фарзандларини боқишда қийналаётганларини айтишмоқда.
Жума куни Марям ал-Нажжорнинг олти нафар бола билан бирга 11 кишилик оиласи фақат бир маҳал овқат - гуруч ҳамда консерваланган нўхат ва сабзи еди.
"Жума кунлари фаластинликлар учун муқаддас," деди ал-Нажжор The Associated Press ахборот агентлигига. Бу кунда одатда гўшт, тўлдирилган сабзавотлар ва бошқа бой анъанавий таомлар билан катта оилавий дастурхон ёзиларди.
"Энди нўхат билан гуруч еймиз," деди у. "Урушгача ҳеч қачон консерваланган нўхат емасдик - фақат ҳаётимизни вайрон қилган шу урушда еяпмиз."
Фаластинлик она айтишича, оиласи сабзавот консерваларини топа олмаса, хайрия ошхонасидан ясмиқ ёки макарон олишаркан. Агар нон ёки шакар топса, болалари оч қолмаслиги учун уларга чойга ботирилган нон бераркан.
"Биз оқсил ёки озуқавий моддалар билан таъминлайдиган ҳеч нарса тополмаяпмиз," деди у.
Ал-Нажжор Ғазода қолган озиқ-овқат тугаса, болаларини қандай боқишидан хавотирда эканини айтди.
"Балки қум еймиз," деди у.